Ўзбекистон МБ сўм курсининг кескин тушиб кетиши сабабларини тушунтириб берди

Дата: 12:40, 20-09-2018.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки (МБ) сўм курсининг кескин тушиб кетиши сабабларини тушунтириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк маълумотларига кўра, охирги уч ойда ташқи иқтисодий шароитларининг ўзгариши ички валюта бозорида миллий валюта алмашув курсининг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди.

Қайд этилишича, 2018 йилнинг август ойидан бошлаб алмашув курси динамикасига ташқи омиллар, айниқса асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши (Россия – 19%, Қозоғистон – 17%, Хитой – 9%, Туркия – 56%) таъсири кучайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу давлатлар валюталари курсларининг кескин ўзгариши сўм алмашув курсига бир ойдан уч ойгача бўлган муддатдан кейин ўз таъсирини кўрсатади.

Натижада сўмнинг реал алмашув курси ушбу давлатлар валюталарига нисбатан қадри сезиларли даражада ошди (Россия рублига нисбатан 29%га, Қозоғистон тангасига нисбатан 22%га, Туркия лирасига нисбатан 67%га, Хитой юанига нисбатан 14%га).

Экспертлар ушбу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини пасайтириб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига таъсир этмоқда, деб ҳисоблашмоқда.

Биринчидан, юқорида қайд этилган валюталарнинг кескин девальвацияси ташқи бозорларда маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини қимматлашувига олиб келиб, уларнинг валюта тушумларини қисқартирди.

Иккинчидан, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар нархларининг чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархларига нисбатан рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, четдан импорт қилишни рағбатлантирган ҳолда, хорижий валютага қўшимча талабни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган халқаро пул ўтказмаларининг асосий қисми тўғри келадиган давлатлар валюталарининг қадрсизланиши, ушбу давлатлардан мамлакатимизга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайишига олиб келди.

“Юқорида келтирилган омиллар таъсирида 2018 йилнинг август ойидан бошлаб сўм алмашув курсининг ички валюта бозоридаги шароитларга жавобан ўзгариши кузатилиб, жорий йилнинг 18 сентябрь куни 8062 сўм/долларни ташкил этди (йил бошида – 8139 сўм/доллар)”, - дейилади банк хабарида.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг қолган ойлари сўм алмашув курсининг йил бошидаги даражасига нисбатан кескин ўзгариши кутилмаяпти.

Ташқи омиллар ўзгариши ва сўм алмашув курси динамикасининг инфляция даражаси ҳамда инфляцион кутилмаларга таъсирини камайтириш мақсадида пул-кредит сиёсати йўналишларига тегишли ўзгартириш киритиш масаласи Марказий банк Бошқарувининг 22 сентябридаги йиғилишида муҳокама қилинади.

Сурат манбаи: из http://cbu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: