Ўзбекистон МБ солиқлар бўйича қарздорликларни пластик карталардан ечиб олиш лойиҳасига муносабат билдирди
Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳасига муносабат билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МБ солиқлар бўйича қарздорликларни пластик карталардан ечиб олишга доир ҳужжат лойиҳасининг баъзи меъёрларининг такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, бугунги кунда, жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини уларнинг банк карталаридан сўзсиз ундириш тартиби бўйича қонуний ва шаффоф механизм мавжуд эмаслиги сабабли, Марказий банк кўрсатилган ҳужжат лойиҳасини қонун ҳужжатларига, хусусан Фуқаролик кодекси меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.
“Қандай эзгу мақсад кўзланган бўлишидан қатъи назар, идоравий манфаатлар бошқа тармоқлар ёки бутун мамлакат иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсир етказмаслиги зарур. Ўз навбатида, Марказий банк таклиф этилаётган ўзгартиришларга банк сири ва банк тизимига бўлган тўлақонли ишончни сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратади”, - банкнинг Telegram-каналидаги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, “Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси 17 декабрда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойлаштирилган.
Сурат манбаи: https://regnum.ru