Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Telegram дастури учун бот очди
Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Telegram дастури учун бот (@mehnatbot) очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бот фақат ўзбек тилида ишга туширилган бўлиб, мамлакатдаги иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларнинг энг кам миқдорларини билиб олиш, шунингдек, аризалар бланкларини юклаб олишга имкон беради.
Бундан ташқари, ботда тайёр намуна асосида ўз ойлик маошини ҳисоблашга имкон берувчи ҳисоблагич мавжуд.
Бот тайёр рўйхатдан танлаб олинувчи буйруқлар ёрдамида бошқарилади.
Эслатиб ўтамизки, бу вазирлик оммавий Telegram иловасида ўз каналини очишига доир илк ҳолатдир.


