Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Telegramда меҳнат муҳожирлари учун канал очди
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Telegram мессенжерида меҳнат муҳожирлиги масалалари билан қизиқувчилар учун @migrationuzbot боти ва @migrationuz каналини йўлга қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Вазирлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, бот ёрдамида агентлик Миграция бўлими, Лицензия бўлими хамда Хусусий шартнома бериш бўлимлари фаолиятида фойдаланиладиган шакл ва бланкларни кўчириб олиш, агентлик қабул кунлари ва манзили ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
Бундан ташқари, агентлик фаолиятига доир энг кўп бериладиган саволларга жавоблар хам мавжуд. Каналга аъзо бўлиш орқали агентлик ҳаётида рўй бераётган янгиликлардан биринчилардан бўлиб танишиб бориш имконияти ҳам яратилган.
Ушбу янги ишланмалар Меҳнат вазирлиги Ахборот-компьютер маркази томонидан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадларида ишлаб чиқилган.