Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва ЮНИСЕФ ҳамкорликни фаоллаштириш ниятидалар

Дата: 11:11, 12-10-2015.

Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) раҳбарияти учрашиб, унда ҳамкорликни фаоллаштиришнинг истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Меҳнат вазирлигидан хабар қилишларича, учрашув ЮНИСЕФ ташаббуси билан ўтказилди. Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов учрашувда вазирлик таркибида ногиронлиги бўлган болалар учун 6 интернатлар фаолият юритаётгани, уларда тиббий ходимлар билан бирга услубчилар ва ижтимоий ходимлар ҳам ишлашини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистонда аҳолининг 40% ошиғини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил қилиши ҳам айтиб ўтилди. 1992 йил декабрда республика Болалар ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияни ратифиция қилди ва Марказий Осиёда биринчи бўлиб унга амал қилиш мажбуриятини олди.

ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Роберта Фудеричнинг сўзларига кўра, ташкилотнинг Ўзбекистондаги иши оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш, тўғри овқатланишни тарғиб қилиш, ОИТС профилактикаси, мактабгача ва бошланғич таълим сифатини яхшилашга йўналтирилган.

У 2016-2020 йиллар учун беш йилли дастур ишлаб чиқилганини маълум қилиб, вазирлик билан самарали ҳамкорлик қилишдан умид билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: