Ўзбекистон мева савзавот маҳсулотлари Германияда тақдим этилади

Дата: 13:48, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон делегацияси Берлин шаҳрида 20 январ куни бошланадиган “Яшил ҳафталик-2017” Халқаро қишлоқ хўжалик кўргазмасида иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Маҳаллий экспортёр корхона ва ташкилотларнинг мазкур кўргазмада иштирок этишидан мақсад – мева-сабзавот маҳсулотларини ўстириш, ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш бўйича мавжуд салоҳиятини намойиш этиш ҳамда ушбу соҳадаги етакчи хорижий компаниялар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат”, - деб таъкидлашди “Ўзагроэкспорт” компаниясида.

Халқаро кўргазмадаги Ўзбекистон миллий экспозицияси “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” ва “Ўзагроэкспорт” компаниялари, шунингдек, “Агромир Групп” МЧЖ ҚК, Natural Juice, Marwin Brands, Master Global Plus, Sunny Fruits Production, Вerad Agro, Gold Dried Fruits, “Интерсок” МЧЖ ҚК каби компаниялар томонидан намойиш қилинади.

Кўргазмада ташриф буюрувчилар ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, консерваланган маҳсулотлар, сок ва нектарлар, қуритилган зиравор ва сабзавотлар, қуруқмевалар ҳамда бошқа ширинликлар билан танишишлари мумкин бўлади.

Халқаро кўргазмада дунёнинг 65 мамлакатидан 1550дан ортиқ компаниялари ва фермер хўжаликлари иштирок этиши, 380 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, “Яшил ҳафталик” Халқаро кўргазмаси озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги улкан тадбирлардан бири ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: