Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси мустақиллик тенгдошларига бепул чипталар совға қилади

Дата: 14:57, 02-08-2016.

Тошкент. 2 август. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 1991 йил 1 сентябрда туғилган йўловчиларга бепул чипталар тарқатиш бўйича акция ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Агар туғилган санангиз 1991 йил 1 сентябрда бўлса, унда 1 августдан бошлаб совға – авиачиптани расмийлаштириш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг авиачипталарни сотиш шохобчаларига мурожаат қилишингиз мумкин. Акция доирасида ички авиалиниялар бўйича бепул чипта олиш мумкин. Таклиф Ўзбекистон ҳудудида 1 сентябрдан 31 октябргача бўлган давр ичида амалга ошириладиган исталган қатновга нисбатан тадбиқ этилади”, - деб таъкидлашди авиакомпанияда.

Бундан ташқари, авиакомпания Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида республика ичидаги йўналишларга бепул авиачипта ўйналади.

“Ўйин 15 августда бошланади ва 24 август соат 24.00гача давом этади. Натижа 26 август куни соат 10.00да Random.org тасодифий рақамлар генератор дастури ёрдамида, махсус комиссия ва ОАВ вакиллари иштирокида аниқланади. Ғолиб республика ичидаги йўналишлар бўйича битта бепул авиачиптага сертификатни қўлга киритади”, - деб таъкидлашди авиакомпанияда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: