Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси “Тошкент” аэропортининг вақтинчалик ёпилиши ҳақида хабар қилди

Дата: 16:59, 17-06-2016.

Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 24 июн куни “Тошкент” аэропорти маҳаллий вақт билан соат 13.00дан 18.00га қадар ШҲТ расмий делегациялари самолётларининг учишларини таъминлаш муносабати билан вақтинчалик ёпилиши ҳақида маълум қилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ўз мижозларини огоҳлантиради: 24.06.2016 йил, маҳаллий вақт билан соат 13.00дан 18.00га қадар “Тошкент” халқаро аэропорти ШҲТ саммити расмий делегациялари самолётларини кузатиш муносабати билан йўловчилар рейсини амалга оширмайди”, - дейилади авиакомпания матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, МАКнинг ушбу муддатга белгиланган рейслари маҳаллий вақт билан соат 18.00дан кейин бажарилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган.

“Миллий авиакомпания вақтинчалик ноқулайликлар учун кечирим сўрайди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

 Бундан олдинроқ, “Газета.uz” нашри авиакасса ва сайёҳлик агентликларига асосланган ҳолда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан рейслар жадвалида ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди. Шу сабабли, халқаро ва маҳаллий рейслар йўловчиларидан парвознинг аниқ вақтини олдиндан қўнғироқ қилиб аниқлаш сўралди.

Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-саммити бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: