Ўзбекистон миллий авиакомпанияси Тошкент-Душанбе-Тошкент рейсига тарифларни пасайтирди
Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жорий йилнинг 13 октябридан бошлаб Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича тарифни пасайтирмоқда. Бу ҳақида МАК матбуот хизмати хабар берди.
“Тошкентдан Душанбега ташувнинг умумий қиймати бир томонга йиғимларни ҳам қўшган ҳолда 75 еврони, Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича 153 еврони ташкил қилади. Душанбадан Тошкентга ташувнинг умумий қиймати бир томонга 87 еврони, Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналишида 153 еврони ташкил этади”, - дейилади жума куни тарқатилган хабарда.
Таъкидланганишича, Ўзбекистон ҳудудида авиачипталарга ҳақ тўлаш миллий валютада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг сотиш кунидаги курси бўйича амалга оширилади.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тожикистон пойтахтига рейсларни ҳафтасига бир марта сешанба кунлари А320 самолётларида амалга оширади.