Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси Тошкент-Урумчи-Тошкент йўналишидаги рейслар қатновини кўпайтиради

Дата: 12:49, 04-11-2014.

Тошкент. 4 ноябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) Тошкент-Урумчи-Тошкент йўналишидаги рейслар қатновини кўпайтиради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот авиакомпания сайтида жойлаштирилган.

МАК маълумотига кўра, 2014 йилнинг 11 ноябрдан бошлаб 2015 йилнинг 25 мартига қадар Тошкент-Урумчи-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи қўшимча рейс барча қулайликларга эга бўлган Боинг В767 лайнерида сешанба кунлари амалга оширилади.

Бунда самолёт Тошкентдан соат 17:15да учиб, Урумчига соат 22:40да етиб беради. Урумчидан чоршанба куни соат 00:10да учиб, Тошкентга маҳаллий вақти билан соат 00:05да етиб келади.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Ўзбекистондаги монопол авиатшувчи бўлиб, тўлиқ давлатга қарашли. Компания паркида ғарбда ишлаб чиқарилган 33 самолёт мавжуд бўлиб, булар ўн бешта Boeing (ўнта 767-300 ва бешта 757-200), учта А-310 аэробуси, ўнта А-320 аэробуслари, учта ўртамагистрал RJ-85 лайнери, шунингдек, иккита А300-600F юк самолётларидир.

Ўзбек авиакомпанияси Европа, Америка, Яқин Шарқ, Осиёнинг 21, МДҲнинг 22 шаҳри ҳамда 11 маҳаллий йўналишлар бўйича учишларни амалга оширади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: