Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси Воронежга биринчи рейсни амалга оширди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Куни кеча “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Тошкент-Воронеж-Тошкент йўналиши бўйлаб илк парвозни амалга оширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Биринчи рейс барча қулайликларга эга A320 авиалайнерида бажарилди. Янги рейс Россияликлар учун Жануби-шарқий Осиёга саёҳат қилишга, келажакда эса Грузия ва Озарбайжонга боришга қулай имконият яратади”, - деб таъкидлашди авиакомпанияда.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги янги рейс “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тижорат бўлими мутахассислари томонидан амалга оширилган катта меҳнат самараси бўлди. Мутахассилар томонидан ҳудуднинг ички ва ташқи бозори, икки давлат орасидаги маҳсулот айирбошлаш кўлами ўрганилиб, Европа ва Жанубий-Шарқий мамлакатларга трансфер парвозлар учун қулай туташ қатновлар ва мақбул тарифлар ишлаб чиқилди. Воронежда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ваколатхонаси фаолият юритмоқда.
“Август ойларига келиб, қатновлар сони кўпайиши мумкин. Йўловчи қатновларидан ташқари, яқин кунлар ичида, юк ташувларини йўлга қўйиш ҳам мўлжалланмоқда. Тошкент ва Воронеж ўртасида ўрнатилган мазкур янги “ҳаво кўприги”, нафақат, дўстлик, маданият ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди, балки икки мамлакат сайёҳлик салоҳиятининг оммалашишида муҳим ўрин тутади”, - деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Воронеждаги вакили Бахтиёр Норбабаев.