Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси яна 3 Dreamliner самолёти сотиб олишни режалаштирмоқда

Дата: 17:54, 07-11-2016.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси яна 3 Dreamliner самолёти сотиб олишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МАК сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.  

“Boeing президенти Рэймонд Коннер сентябр ойида Тошкентга қилган ташрифи доирасида яна учта янги самолётларни харид қилиш бўйича келишувга эришилган эди.  Ўзбек авиакомпаниясининг биринчи икки Дримлайнери 787-8 русумида бўлган бўлса, бу сафар ўриндиқлари сони оширилган 787-9 модификацияси сотиб олинади”, - дейилади хабарда.

Олдин хабар берилгани каби, 5 ноябрда “Тошкент” халқаро аэропортига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинган иккинчи Boeing-787 Dreamliner самолёти етиб келган эди. Сиэтлдан Тошкентга узлуксиз учиш 12 соат атрофида давом этди.

Эслатиб ўтамизки, МАКнинг биринчи Boeing-787 Dreamliner самолёти Тошкентга жорий йил 31 август куни келтирилган эди. “Орзулар лайнери”нинг илк халқаро парвози 9 сентябрда Алматига амалга оширилди. Ҳозирда ундан халқаро линияларда фойдаланилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: