Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси янги пасайтирилган тарифлар жорий этишни режалаштирмоқда
Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси (МАК) халқаро сотувлар тизимига янги пасайтирилган тарифлар жорий этишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МАК матбуот хизмати хабар беришича, авиакомпания авиачипталар нархининг 2017 йил 5 сентябрдаги миқдори ўзгаришига йўл қўймаслик учун қайта ҳисоб-китоб ишларини олиб бормоқда.
“Авиакомпания халқаро бозорда ишлашини ҳисобга олган ҳолда, барча тариф ва йиғимлар халқаро қоидаларга мувофиқ эълон қилинади. Ҳозирда халқаро сотувлар тизимига янги пасайтирилган тарифлар жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ўзгартишлар авиачипталар нархининг сезиларли даражада ўзгаришига олиб келмайди”, - дейилади МАК хабарида.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпания рейсларига авиачипталар сотиб олиш билан боғлиқ вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраши ҳам айтиб ўтилган.
Олдин хабар қилингани каби, 2 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини имзолади. Унга мувофиқ, маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, жамиятлар низом капитали миқдорига минимал талаблар фақатгина миллий валютада белгиланади.