Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ўз тарихида биринчи марта АҚШга қўнишсиз рейсни амалга оширади

Дата: 16:30, 27-04-2017.

Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ўз тарихида биринчи марта АҚШга қўнишсиз рейсни амалга оширади, деб хабар қилади МАК матбуот хизмати.

“Жорий йил 18 майда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Boeing 787 Dreamlinerнинг Тошкент-Рига-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейсини амалга оширади. 27 июлда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК тарихда илк марта Тошкентдан Нью-Йоркка илк қўнишсиз учишни амалга оширади”, - дейилади авиакомпания хабарида.

Хабар берилишича, “Орзулар лейнери” самолётининг Тошкент-Рига-Нью-Йорк-Тошкент йўналишида фойдаланишга топширилиши йўловчиларга Ригага қадар 20-30 дақиқа, Нью-Йоркка эса бир соат эртароқ бориш имконини беради.

Таъкидланишича, “Орзудаги лайнери”да Нью-Йоркка тўғридан-тўғри парвоз вақти 12 соатни ташкил этиб, Тошкентга 11 соат парвоз қилинади. Айни пайтда Миллий авиакомпания АҚШга Рига орқали бир ҳафтада бир марта бўладиган рейсни сақлаб қолади.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Boeing 787 Dreamlinerдан тижорат мақсадларида фойдаланишни ўтган йил сентябрда бошлаган эди. Ҳозирда учишлар Дубай, Деҳли, Амритсар, Истамбул, Тел-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур ва Сингапурга бажарилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: