Ўзбекистон миллий авиаташувчиси пунктуаллик учун мукофотланди

Дата: 13:07, 25-05-2018.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси 2017-2018-йиллар куз-қиш мавсуми натижаларига кўра “Сочи” халқаро аэропортидан белгиланган жадвалдан кечикишсиз энг кўп халқаро қатновларни амалга оширган энг пунктуал авиакомпания деб эътироф этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МАКдан маълум қилишларича, мукофот “Аэропорт ва авиакомпаниялар альянси" мавзусидаги йиғилишда “Сочи” аэропорти оператори “Базел Аэро” МЧЖ компанияси томонидан Сочидаги МАК ваколатхонасига топширилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Тошкент-Сочи-Тошкент йўналишидаги кўрсаткичларининг ўсиши Ўзбекистон фуқароларининг Сочи шаҳрининг санаторийларида дам олишга бўлган қизиқиши ортаётганидан далолат бермоқда. 2017-йил якунлари бўйича авиакомпания Тошкентдан Сочига 92та қатновни амалга оширди ва 23 359 нафар йўловчи ташиди, бу ўтган йилга нисбатан 28 %га кўп.

Шунингдек, таъкидлаш жоизки, Сочи шаҳри аҳолиси орасида қадимий маданиятимиз, меъморий обидаларимиз ҳамда ноёб табиатимиз билан қизиқиш, Ўзбекистон шаҳарларига саёҳат қилиш истаги ҳам тобора ортмоқда.

Сурат манбаи: https://www.uzairways.com/ru/news/nacionalnaya-aviakompaniya-uzbekiston-havo-yullari-poluchila-ocherednoy-passazhirskiy-samolet

Янгилик билан ўртоқлашиш: