Ўзбекистон Миллий банки деярли $30 млнлик пул ўтказмалари амалга оширилди

Дата: 17:44, 28-08-2015.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан халқаро пул ўтказмалари бўйича амалга оширилган операцияларнинг умумий ҳажми $29,9 млнни ташкил қилиб, бундан $16,9 млнни тўланган ўтказмалар ташкил этди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банкдан хабар қилишларича, жисмоний шахсларга халқаро тизимлар орқали амалга ошириладиган тезкор пул ўтказмаларни жўнатиш ва қабул қилиш бўйича хизматлари кўрсатилмоқда.

2002 йилдан бери банк жисмоний шахсларга халқаро тизимлар орқали тезкор пул ўтказмалари хизматларини таклиф этмоқда. Ҳозирги кунда жойлардаги пул ўтказмалари амалга ошириш хизмати кўрсатиш бўйича 95та шаҳобчада жисмоний шахслар “Азия Экспресс”, “Wестерн Union”, “MoneyGram” ва “Золотая Корона” каби тизимларнинг халқаро пул ўтказиш тизимлари орқали ўз маблағларини чет элга жўнатиш ва қабул қилиш имконияти мавжуд.

Қайд этиш зарурки, “Азия Экспресс” халқаро пул ўтказиш тизими Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Россия федерациясидаги “Азия-Инвест банк” шўъба акциядорлик-тижорат банки томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у орқали асосан икки мамлакат ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилади.

Хозирги кунда Миллий банкнинг барча муассасаларида банк пул ўтказмалари 5та валютада, хусусан, АҚШ доллари, ЕВРО, англия фунт стерлинги, япон йенасида амалга оширилади.

Шунингдек, банк Россия рублида ҳам пул ўтказмаларни амалга оширади. Ушбу операцияларни амалга ошириш учун мижоз эркин айрбошланадиган валютадаги маблағларни банкдаги ҳисоб рақамига киритиши лозим. Шундан сўнг улар Россия рублига конверсия қилинади ва чет элдаги хисоб рақамига ўтказиб берилади. Агарда мижознинг ҳисоб рақамига кўрсатилган валютада Россия Федерациясидан пул маблағлари келиб тушган бўлса, ушбу маблағлар мижознинг ҳохишига кўра эркин айрибошланадиган валютада берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: