Ўзбекистон Миллий банки унитар корхона сифатида қолади ва бюджет маблағларини депозитлар сифатида жалб этиш ҳуқуқини олади

Дата: 15:34, 16-11-2017.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки унитар корхона сифатида қолади ва давлат бюджети маблағларини депозитлар сифатида жалб этиш ҳуқуқини олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президенти томонидан 13 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан кўзда тутилган. 

“Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ягона муассиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бўлган давлат банки бўлиб, ўз фаолиятини унитар корхона сифатида олиб боради”, - дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, банкдан давлат раҳбарининг 2016 йил 17 октябрдаги қарори билан юкланган акционерлик жамиятига айлантириш мажбурияти олиб ташланди.

Банкнинг низом капитали муассис томонидан белгиланади ва унинг қарори билан ўзгартирилиши мумкин.

Бундан ташқари, Миллий банкка ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожалантириш, маҳаллий экспортни қўллаб қувватлаш мақсадида хорижий мамлакатларда ваколатхоналар, филиаллар, шўъба банклар ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, эндиликда банк Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларини депозитлар сифатида жалб этиш ҳуқуқига эга бўлди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: