Ўзбекистон Миллий кутубхонасида китоб-расмли кўргазма очилди
Тошкент. 22 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни”га бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Миллий кутубхонадан хабар беришларича, экспозициядан турли авлодларни бирлаштириб, инсониятнинг маданий бойлиги бўлган асарлар ўрин олган. Булар дунё болалари, ўсмирлари, ёшлари ва катталарнинг севимли дунёга машҳур адиблар қаламига мансуб Жейн Остен, Агата Кристи, Вилям Шекспир, Владимир Набоков каби таниқли адиблар асарларидир.
Ёзувчиларнинг суратлари билан бирга кўргазмада уларнинг китоблар ва ўқувчилар ҳақидаги фикрлари ҳам тақдим этилган.
Маълумки, халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни 1995 йилда Парижда маданий анъаналарни тарғиб этиш, уларни авлоддан-авлодга етказиш ва сақлаш мақсадида таъсис этилган. Китоб эса, маълум-ки, билим тарқатишда ва уни асрлар давомида сақлашда энг ишончли воситадир.
Ушбу кун анъанавий равишда 23 апрелда нишонланади.