Ўзбекистон минтақавий транспорт форумини ўтказишни режалаштирмоқда

Дата: 13:28, 13-11-2017.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ –  2018 йилда Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президентининг Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида очиқланди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра транспорт форуми транспорт инфраструктураси бўйича умумий ёндашувларни келишиб олиш ва Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқишга имкон беради.

У бу йўналишда минтақа мамлакатлари томонидан амалий қадамлар қўйилганини қайд этиб ўтди.

“Туркманистонлик дўстларимиз томонидан Амударёдан ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилди. У Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим тармоғидир. Тез орада Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилишини бошлаш бўйича келишувга эришилди, шунингдек, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб синов тариқасидаги автопойга амалга оширилди”, - деди Ш.Мирзиёев.

“Шу муносабат билан Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз”, - деб таъкидлади у. 

Ўзбекистон Президентининг фикрига кўра, минтақанинг транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини Марказий Осиёнинг барқарор ривожининг муҳим қисмидир. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: