Ўзбекистон Мирзиёевнинг сафарлари учун Алишер Усмоновнинг самолётини ижарага олинди
Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси президент Шавкат Мирзиёевнинг олис сафарлари учун асли келиб чиқиши ўзбек бўлган тадбиркор Алишер Усмоновнинг самолётини ижарага олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ҳукумати авиакомпанияга давлат раҳбарининг олис расмий сафарлари учун ижарага олиш мақсадида бир неча самолётлар вариантларини кўриб чиқишни топширган.
“Қулайлик, хавфсизлик ва техник тайёрлик нуқтаи назаридан Airbus 340 (рўйхат рақами M-IABU) самолёти танланди. Миллий авиакомпания ҳаво кемасига эгалик қилувчи Klaret Aviation Limited компанияси билан мавжуд бозор нархлари бўйича тижорий шартлар асосида ижара шартномасини тузди”, - деб таъкидланади “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хабарида.
Шунингдек, авиакомпания ҳукумат номидан Алишер Усмоновга Airbus 340 M-IABU самолётини Ўзбекистон президентининг олис расмий сафарлари учун ижарага беришга рози бўлгани ва шартномага мувофиқ тезкор равишда тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирди.