Ўзбекистон мобиль операторлари олдига бутун мамлакатни алоқа билан қамраб олиш вазифаси қўйилди
Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда алоқа етиб бормаган ҳудудларни, шунингдек аҳоли пунктларини бир-бири билан боғлайдиган магистрал автомобил йўллари ва темирйўлларни мобил алоқа билан қамраб олиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу вазифа мобиль операторлари олдига Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида қўйилди. Унда 2017 йилда соҳа олдида турган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси муҳокама қилинди. Ҳайъат йиғилишида вазирликнинг ҳудудий бошқарма ҳамда тизимдаги муассасаларнинг жойлардаги бўлинмалари видеоконференцалоқа ёрдамида қамраб олинди.
Шунингдек, операторларга Ўзбекистоннинг телекоммуникацион инфраструктура ривожи бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни қониқарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Алоқа етиб бормаган ҳудудларни, шунингдек аҳоли пунктларини мобил алоқа билан қамраб олиш, кенгполосали уланишнинг барча мижозларига IP технологияси устидан телефония хизматлари кўрсатиш, республика миқёсида телефония хизматлари учун ягона тариф хизматларини жорий қилиш, республикадаги йирик аҳоли пунктларининг 4G ва Wi-Fi тармоқлари қамровини кенгайтиришни тезлаштириш топширилди.
“Ўзбектелеком” компаниясига халқаро телекоммуникация тармоқларига уланиш бўйича тезликни оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, шу билан бирга кенг полосали портлар сонини 1,5 млн донага кўпайтириш, Халқаро пакетли коммутация маркази ўтказувчанлигини кенгайтириш ҳамда интернет-хизматлари нархларини арзонлаштириш вазифалари юклатилди.
Йиғилишда АКТ соҳасида таълим жараёнини яхшилаш мавзуси муҳокама қилинди. Бугунги АКТ саноати эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълимий дастур ва ўқитиш тизимларини ишлаб чиқишнинг аҳамияти таъкидланди.
Шунингдек, Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини 2021 йилга қадар жаҳоннинг энг илғор университетлари “мингталиги”га киритиш учун хорижий етакчи университетларнинг етакчи экспертларини ТАТУ га жалб қилиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш назарда туталмоқда.


