Ўзбекистон молия вазирлиги 279,2 млрд сўмлик молия интизоми бузилишларини аниқлади

Дата: 09:02, 17-07-2018.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилнинг 1-ярим йилида ўтказилган жами 2 837 та назорат тадбирларидан 2 334 тасида 279,2 млрд сўм маблағлар молиявий интизомга риоя қилинмай сарфлангани аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар орасида камомад ва ўзлаштиришлар 35,9 млрд сўмни, ноқонуний харажатлар 122,6 млрд сўмни ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан мақсадсиз ишлатилган маблағлар 120,7 млрд сўмни ташкил этди.

Вазирликдан маълум қилишларича, текширувлар Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари асосида ўтказилди.

Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 56,8 млрд сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 1547 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Давлат мақсадли ва молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан 382 объектларда назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 329 тасида 127,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Аниқланган ноўрин ва мақсадсиз харажатлардан 27,9 млрд сўми белгиланган тартибда тикланди, 96,8 млрд сўм миқдорида молиявий қонун бузилишлар аниқланган 276 та текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

$1=7787,81 сўм

Сурат манбаи: http://kommersant.uz/news/uvoleny-za-odin-den

Янгилик билан ўртоқлашиш: