Ўзбекистон Молия вазирлиги III чоракда 16,6 млрд сўмлик молия интизомининг бузилишларини аниқлади
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Молия вазирлиги III чоракда 16,6 млрд сўмлик молия интизомининг бузилишларини аниқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Молия вазирлигидан маълум қилишларича, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг III чорагида Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида бюджет ташкилотларида жами 1334та давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилди.
“Ўтказилган назорат тадбирларидан 1111 тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 16,6 млрд сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 4,5 млрд сўмни, ноқонуний харажатлар 12,1 млрд сўмни ташкил этди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 11,2 млрд сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 710та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 20 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 13,9 млн сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.
Сурат манбаи: из https://centre1.com