Ўзбекистон молия вазирлигини жиддий ислоҳотлар кутмоқда

Дата: 16:10, 16-01-2017.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга феврал охиригача молия вазирлигининг ташкилий таркиби ва вазифаларини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишни топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги, унинг таркибий тузилмалари ва аппаратининг иш юритиш шакли ва усулларига алоҳида эътибор қаратиш вақти келди. 

Ш.Мирзиёевнинг таъкидлашича, бугунда ҳукуматнинг аксарият топшириқлари белгиланган муддатларни қўпол равишда бузган ҳолда бажарилмоқда, иш сифати ҳам аксарият ҳолатларда оқсамоқда. Шунга қарамасдан, бу тузилмалар раҳбарларининг ўзига бўлган ишончи осмон қадар баланд.

“Нима учун бошқа идоралар раҳбарлари давлатнинг аниқ муаммоларини ҳал этиш бўйича малакали тавсия олиш ўрнига, доимо қоғозбозлик ва сансалорлик ҳолатлари, шунингдек, айрим вазир ўринбосарларининг баланд димоғлиги ва қайсарлиги билан тўқнашиши керак? Ниҳоят, нима сабабдан баъзан инсон қадр-қиммати ерга урилади, бунга ким ҳуқуқ берган?! Нима учун Бош вазир ўринбосари ёки ҳукумат аъзоси қабулхонада соатлаб кутиб ўтириши керак?”, - таъкидлади Ш.Мирзиёев.

2005-2016 йилларда Молия вазирлиги раҳбари бўлиб ишлаган Рустам Азимов ҳам танқид остига олинди.

Давлат раҳбарининг фикрига кўра, агар Р.Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўларди.

“Такрор айтаман, фақатгина «ғалаба рапортлари» билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас”, - деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: