Ўзбекистон МСК барча сиёсий партиялардан президентликка номзодларни рўйхатга олди

Дата: 17:54, 16-02-2015.

Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) республиканинг тўрт сиёсий партияларининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу масала МСКнинг шанба куни бўлиб ўтган йиғилишида кўриб чиқилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МСКдан хабар қилишларича, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Холматович Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Улар рўйхатга олинган кундан эътиборан сайловолди ташвиқоти бошланади.

Президентлигига номзодларга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти берилади. Шунингдек, номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида теле ва видео роликлар намойиш қилиш ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқоти даврида “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” республика даврий нашрларида 10 саҳифа нашр майдони ажратилади. Ушбу сайловолди ташвиқоти материаллари ҳудудий нашрларда ҳам эълон қилинади. Сайловолди ташвиқоти даврида партия нашрлари тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.

Республикада сайловларни ўтказиш учун 9058 та, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. МСК томонидан белгиланган тартибда ҳужжатлар тақдим этган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 дан зиёд вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: