Ўзбекистон МСК имзо варақаларини текширишни давом эттирмоқда

Дата: 16:15, 12-02-2015.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясида (МСК) имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти давом этмоқда. Уларнинг таркибида МСК аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг мутахассислари кирган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МСКдан хабар қилишларича, имзо варақалари текшириш учун танлаш йўли билан ажратиб олинади. Сайловчилар имзолари ва сайлов варақаларига имзо қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар зарур миқдорининг камида 15% теширилади.

Бунда текшириш учун ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган ҳар бир Ўзбекистон республикаси президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш учун тўпланган сайловчилар имзоларининг тенг миқдордаги сони ажратиб олинади.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир имзо варақасини кўздан кечирадилар, бунда уларнинг тўғри тўлдирилганлигига, йўл қўйилган тузатишлар, ўчириб ёзилган жойлар мавжудлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар, қўшимча имзо билан тасдиқланган тузатишлар мавжудлигига эътибор қаратадилар. Кўздан кечириш пайтида камчиликлари бўлган ёки шубҳа туғдирадиган ноаниқликлари мавжуд имзо варақалари батафсил текшириш учун ажратиб олинади.

Ишчи гуруҳи имзо варақаларини текширишни ўтказаётган хонада сиёсий партияларнинг вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда ўтказилган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: