Ўзбекистон МСК кузатувчиларга расман таклифнома йўллади

Дата: 12:17, 19-09-2016.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссия Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ДИИҲБ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасига (МДҲ Ижроия қўмитаси), Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ), Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ)га ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига (БСОА) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этиш учун расман таклифномалар юборди. Бу ҳақда МСК хабар бермоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар”, дейилади МСК матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

“Бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Уларнинг фаолияти Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 15 сентябрдаги 734-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек сайлов ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади”, - деб қайд этилади хабарда.

Таъкидлаш лозимки, халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши бутун сайлов жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги тамойиллари мустаҳкамланишига, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамизки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни номзод қилиб кўрсатди.

Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси 9 сентябрдан бошланди. 30 сентябр- 20 октябр орасида номзодларни рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.

Навбатдан ташқари сайловлар Конституцияга мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда. Президент 5 йил муддатга сайланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: