Ўзбекистон МСКда россия ОАВ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 16:08, 28-11-2016.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида сайловни ёритиш учун мамлакатимизга келган Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди, деб хабар беради душанба куни МСК.

МСК Раиси журналистларни сайлов комиссиялари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

  “Учрашувда Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимида Президентлик институти асосий ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Президент давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунчиликка 2015 йил декабрь ойида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов амалиётини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этиши учун шарт-шароитларни кенгайтиришга, Президентликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган.

Мулоқот чоғида қайд этилганидек, сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини, журналистларнинг сайлов кампаниясига тааллуқли ахборотлардан кенг фойдаланишини таъминлаш мақсадида Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот марказлари фаолият кўрсатмоқда. “Улар томонидан бугунги кунга қадар сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган қарийб 100 та матбуот анжумани ва брифинглар ўтказилди. Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1306 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди”, - дейилади хабарда.

Олдин хабар берилгани каби, навбатдан ташқари президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партиясидан (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёев, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадов, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаров, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмонов қатнашади. 

Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда ўтказилади. Сайловлар Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда. Шавкат Мирзиёев вақтинчалик республика раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Президент 5 йил муддатга сайланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: