Ўзбекистон МТСга мамлакатдаги бизнесини қайта бошлашга рухсат берди
Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати россиянинг “МТС” компаниясига ўз бизнесини ушбу мамлакат уяли алоқа бозорида қайтадан бошлашига рухсат берди, деб хабар берди “Интерфакс” агентлиги ҳукумат доираларидаги манбага асосланган ҳолда.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, бу ҳақидаги қарор чоршанба куни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қабул қилинган.
Манбанинг сўзларига кўра, ҳукумат қарорига мувофиқ, россия компанияси ўзбек томони билан МТС бренди остида уяли алоқа ширкати тузади, қўшма корхонанинг таъсис хужжатлари эса, “жуда яқин кунлар ичида” имзоланади.
МТСнинг ўзбек бозорига қайтишига доир бошқа шартлар аниқлаштирилмаган.
Эслатиб ўтамизки, 2012 йилда ўзбек алоқа бозорида етакчи бўлган “МТС”нинг шўъба корхонаси - “Ўздунробита” МЧЖ (9,3 млн. абоненти бўлган) лицензиясидан маҳрум қилиниб, банкрот деб эълон қилинган эди.


