Ўзбекистон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини 12% гача кенгайтиради

Дата: 14:36, 14-06-2019.

Тошкент. 14 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини 12% гача кенгайтиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳукуматнинг 11 июндаги 484-сонли қарори билан 2019-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланди.

"Стратегия ҳимояланган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудидан 12% га кенгайтириш, Орол денгизининг қуриган тубининг ўрмон майдонини 1,2 млн гектарга етказиш, Бухоро ихтисослаштирилган "Жайрон" питомникидаги жайронлар сонини 1 мингтага етказиш, биологик хилма-хиллик таркибий қисмларини давлат қўриқхоналарининг эталон экотизимлари билан мониторинг қилишнинг ягона тизимини яратишни назарда тутади", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, стратегияда замонавий геоахборот технологиялари (ГИС-технологиялар) асосида давлат мониторинги ва биохилма-хиллик давлат кадастрининг ягона маълумотлар базасини яратиш, 2 млн гектар табиий яйловлар ва пичан ўрим-йиғим ўсимликларининг йиллик геоботаник текширувини ўтказиш ва биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалаларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграция қилиш кўзда тутилган.

Сурат манбаи: traveltourismblog.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: