Ўзбекистон Мудофаа вазири биринчи марта Тожикистонга ташриф буюради
Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – 11-13 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Тожикистонга ташриф буюради, деб хабар беради Asia-Plus тожик куч тизимларидаги манбага асосланган ҳолда.
Таъкидланганишича, бу Ўзбекистон Мудофаа вазирининг қўшни давлатга мустақиллик йилларидаги илк ташрифидир.
“А.Азизов 11-13 октябр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этади. Шунингдек, у Душанбе шаҳрида Тожикистон мудофаа вазирлиги ва бошқа куч тизими юқори лавозимли амалдорлари билан учрашади”, - дейилади хабарда.
Манбанинг маълумотига кўра, 2017 йил 11-13 октябрда Тожикистонга МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Россия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Молдова ва Украина делегациялари ташриф буюриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Абдусалом Азизов жорий йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбари этиб тайинланган. Илгари у ички ишлар вазири, вазирнинг биринчи ўринбосари, Тошкент ИИББ раҳбари лавозимларида ишлаган, 2006 йилда тўсатдан “Ўзбекнефтгаз” МХК бошлиғи этиб тайинланган. Азизов январ ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланганга қадар Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Жори йил июнда А.Азизов Ўзбекистон ИИВ раҳбари сифатида Душанбега ташриф буюриб, бу ерда МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этган эди. Ўшанда у Тожикистон ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода билан ишчи учрашуви ўтказган эди.