Ўзбекистон мустақиллиги кунида Тошкентда 7 паркда сайр қилиш мумкин бўлади

Дата: 22:33, 06-08-2015.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Мустақиллиги байрами куни Тошкентда 7 паркда сайр қилиш мумкин бўлади. Булар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек, Бобур, Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғлари, “Локомотив” маданият ва истироҳат боғи, “Қуёшча нури” номли истироҳат боғидир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пойтахт ҳокимияти ахборот хизматининг хабарига кўра, сайиллар 1 сентябр куни соат 11.00дан 18.00гача давом этади.

Бундан ташқари, байрам Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Давлат цирки ва Тошкент ҳайвонот боғи олди майдонларида ҳам нишонланади.

Шунингдек, август ва сентябрда мамлакат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди. Ушбу тадбирлар маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасаси, ҳарбий қисмларда, мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар бир идора ва ташкилотда, ёзги дам олиш оромгоҳлари, сиҳатгоҳларда ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: