Ўзбекистон Навоий ИЭСда иккинчи буғгаз қурилмасини ўрнатади

Дата: 16:48, 14-05-2014.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – “Ўзбекэнерго” ДАК жорий йилда Навоий ИЭСда қиймати $547,2 млн бўлган иккинчи буғгаз ускунасини қуришга киришади, деб хабар беради Trend ахборот агентлиги ўзбек компанияси вакилига асосланган ҳолда.
“Май ойида Навоий ИЭСни қуввати 450 мегаватт бўлган буғгаз қурилмаси ҳисобига кенгайтириш лойиҳаси Ўзбекистон президентининг қарори билан тасдиқланди, йилнинг иккинчи ярмида эса биз қурилишнинг асосий пудратчисини танлаш бўйича тендер эълон қиламиз. Қурилиш ишлари эса 2015 йилнинг бошида бошланади”, - деди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, қурилма ўрнатилгандан кейин йилига 3,27 млрд киловатт/соат электроэнергия ва 1,52 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Қурилиш 2017 йилда тугалланади. Лойиҳани Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) 33,01 млрд йенлик ($332,6 млн) ва Ўзбекистон тараққиёт ва тикланиш жамғармасининг ($150 млн) кредитлари ҳамда “Ўзбекэнерго”нинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
2012 йил октябрда Навоий ИЭСда йилига 3,4 млрд. соат электроэнергия ишлаб чиқарувчи қуввати 478 мегаваттлик буғгаз қурилмасини қуриб битказганлигини хабар қилган эдик. Лойиҳанинг қиймати $530 млн, деб хабар беради агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: