Ўзбекистон ногиронлар учун қулайликларга эга бўлган автомобиллар ишлаб чиқишни бошлади
Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark русумли автомобили тақдим этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тақдимот “Ўзавтосаноат” АЖ ишчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Шунингдек, унда “SamAuto” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган пандусли LE60 русумли автобуси ҳам тақдим қилинди.
Йиғилганлар ушбу транспорт воситаларини кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланишлари учун етказиб бериш масалалари муҳокама қилдилар.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда. Кўпчилик ногиронлар кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келиб, бу уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.
Сурат манбаи: http://prolgoty.ru/invalidam/transportnyjj-nalog-dlya-invalidov.html