Ўзбекистон Олий суди даъво муддати масаласи бўйича тушунтириш берди
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг (ОХС) навбатдаги пленумида даъво муддати масаласи бўйича тушунтириш берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ОХС хабар қилишларича, пленумда биринчи бўлиб “Хўжалик судлари томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши кафолатланган. Фуқаролик кодексига асосан даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.
Аммо суд амалиёти таҳлили ушбу масалалар юзасида маълум тушунтиришлар бериш талаб қилинаётганлигини кўрсатмоқда.
Лойиҳада фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатини қўллашга оид нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг процессуал муддатларига оид нормаларини хўжалик судлари томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Унда ишда иштирок этувчи шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ўз процессуал ҳуқуқларидан тўлақонли ва ўз вақтида фойдаланиши, уларга қулайлик ва енгиллик яратиш, бу борада уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилган.
Қабул қилинган хужжатда хўжалик судларининг процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблашда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этишга қаратилди.