Ўзбекистон Олий судининг янги сайти ишга туширилди
Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий судида унинг янги веб-сайти ва “Жиноят ишлари бўйича суд актлари” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Веб-сайт Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устиворлиги соҳасида ҳамкорлик” лойиҳаси кўмагида яратилди.
Лойиҳа маълумотларига кўра, Олий суди янги сайтининг (www.new.supcourt.uz) афзалликларидан бири – бу ердаги қатор ахборот ва интерактив хизматлардир. Хусусан, фойдаланувчилар интернет-қабулхона, электрон кутубхона, умумий юрисдикциядаги судлар интерактив картаси, бўш иш жойларига резюме жўнатиш каби хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
Тақдим этилган “Жиноят ишлари бўйича суд актлари” тўплами жиноят ишлари бўйича процессуал хужжатларни тўлдириш бўйича амалий қўлланмадир. Шунингдек, унда суд актлари тушунчаси ва унинг турлари, уларнинг мазмун-моҳияти, судлар томонидан жиноят иши бўйича ишларда амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд актлари қарорларини чиқариш жараёнида каби масалалар ёритилган.