Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги ОТМ ўқиш баҳосининг 15% оширилишига изоҳ берди

Дата: 11:46, 04-09-2015.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 1 сентябрдан бошлаб ОТМ ўқиш баҳосининг 15% оширилишига изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маълумки, бу қарор ОАВ катта танқидларга сабаб бўлган эди.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, ўқиш нархларининг ошишига асосий сабаб – мамлакатда иш ҳақлари ва стипендияларнинг ошганидир.

“Янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини индексация қилишда, асосий омил сифатида, ўтган ўқув йилида стипендия ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларининг 23,2%га, тўлов-контракт миқдорларининг эса атиги 10%га ошганлиги, аниқроғи олий таълим муассасалари харажатлари уларнинг тушумларидан тезроқ ўсганлиги инобатга олинди, яъни ОТМ харажатлари уларнинг даромадларига қараганда тезроқ ўсмоқда”, – деб таъкидланади муассаса хабарида.

Шунингдек, вазирликка кўра, тўлов-контракт миқдорини 15%га оширишда 2015 йилнинг 1 сентябридан стипендиялар ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорини 10%га оширилганлигини қоплаш лозимлиги, акс ҳолда янги ўқув йилининг якунига келиб олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича тегишли харажатлар учун маблағлар етишмовчилиги келиб чиқиши ҳам ҳисобга олинган.

“1 сентябридан тўлов-контракт қиймати бир талабани ўқитиш учун келиб чиқадиган харажатлар танланган таълим йўналиши харажатларидан келиб чиқиб, 5,8 млн. сўмдан 8,5 млн. сўмгача миқдорда белгиланди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60% стипендия ташкил этиши ҳам айтиб ўтилган.

“Шу билан бирга талабаларга, уларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт шакли асосида ўқишидан қатъий назар, ҳар ойда стипендия тўлаб борилади. Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача ойлик миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3,6 млн сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати контракт миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60% стипендия ташкил этади, яъни талабага ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади”, – дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик маълумотларига кўра, талабага тўланаётган стипендияни ҳисобга олмаган ҳолдаги ўқитиш учун тўловнинг хақиқий миқдори 2,2-4,9 млн. сўмни ёки $850-1900 ташкил этмоқда, бу эса МДҲ давлатлари, айниқса узоқ хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқитиш қийматидан бир неча бор пастдир.

Эслатиб ўтамизки 2015 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида бир йил ўқиш баҳоси 15% оширилган эди.

$1 = 2601,06 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: