Ўзбекистон олтинчи “Орзулар лайнери”ни сотиб олиш ҳақида келишувга эришди

Дата: 15:47, 01-05-2018.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва Boeing корпорацияси яна бир Boeing 787−8 Dreamliner йўловчи лайнерини етказиб бериш тўғрисидаги шартномани имзоладир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МАК матбуот хизмати маълумотига кўра, натижада Ўзбекистон миллий авиаташувчиси 2020 йилгача ушбу турдаги олтита авиалайнерга эга бўлади.

Жадвалга мувофиқ, май ойида учинчи “Орзулар лайнери” етказиб берилади. У олдинги икки Boeing 787−8 Dreamliner самолётларидан йўловчилар учун ўриндиқлар сонининг 270 тагача кўпайгани (бизнес-класс – 24, эконом-класс – 246) ва экипаж дам олиши учун махсус бўлмаси билан фарқ қилади.

Ушбу лайнерда ҳам авиакомпаниянинг бошқа Boeing-787 ҳаво кемаларида бўлгани каби, ёнилғини тежовчи, шовқин даражасини пасайтирувчи ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Aviation компаниясининг GEnx-1 В двигателлари ўрнатилган.

Бугунги кунда “Орзулар лайнери”да Нью-Йорк ва бошқа халқаро йўналишлар бўйича учишлар амалга оширилмоқда.

Қайд этиб ўтамизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Марказий Осиёда Boeing-787 Dreamliner самолётларига буюртма берган биринчи авиакомпаниядир. Ушбу ҳаво кемаларида парвозлар 2016 йилда бошланган. 2017 йил 27 июлда Ўзбекистон миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта “Орзулар лайнери”да Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширган эди.

Сурат манбаи: https://plus.google.com/117888183331918240494

Янгилик билан ўртоқлашиш: