Ўзбекистон қонунчилигида “қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш”га аниқроқ таъриф берилди
Тошкент. 19 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон қонунчилигида “қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш” иборасига аниқроқ таъриф берилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази буйруғи билан “Қимматли қоғозлар бозорида манипуляциянинг олдини олиш қоидалари”га киритилган ўзлартишлар орқали амалга оширилди.
Буйруқда аниқлаштирилишича, қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш деб эндиликда бозор қатнашчилари билан олдиндан келишган ҳолда қимматли қоғозлар билан операциялар амалга ошириш, ҳақиқатга мос бўлмаган маълумотларни тарқатиш, шунингдек, содир этилиши оқибатида қимматли қоғозлар нархи, уларга талаб, таклиф ёки савдолар ҳажми маълум даражадан четлашиши ёки ушлаб турилиши, турли ҳаракатларсиз шаклланган даражадан сезиларли равишда фарқланиши воситаларидан фойдаланган ҳолда фойда олишни мақсад қилган бошқа ҳаракатларга айтилади.
Бундан ташқари, тузатишлар бозор иштирокчисига қўйиладиган талабларни аниқлаштиради ва манипуляцияда айбдор бўлиб қолмаслик учун битимлар тузишни чегаралайди. Шунингдек, мижозлар топшириғи бўйича қимматли қоғозлар билан битимни амалга ошираётган бозор қатнашчиси агар мижоз топшириғини бажариш нархларнинг манипуляция қилинишига олиб келиши маълум бўлса унинг топшириғини қабул қилмаслиги керак.