Ўзбекистон қора металлургия корхоналари ишлаб чиқаришни 11,1% кўпайтирдилар

Дата: 15:22, 22-01-2016.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистон қора металлургия корхоналари томонидан 2 трлн 75,6 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, бу эса ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 11,1% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат статистика қўмитасидан маълум қилишларича, тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг умумий саноат ҳажмидаги улуши 2,3% ташкил этди. Ҳудудлар кесимида қора металлургия саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг катта қисми Тошкент вилояти (тармоқнинг республикадаги ҳажмига нисбатан 47,7%) ва
Тошкент шаҳри (45,1 %) корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кичик тадбиркорликнинг доимий қўллаб қувватланиши, қора металлургия маҳсулотлари ҳажмининг 56,8% ўсишини таъминлади, улар маҳсулотининг тармоқдаги улуши 20,2% ни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирги кунда республикада 536 та қора металлургия буюмлар корхоналари фаолият кўрсатаяпти, улардан 299 таси металл буюмлар, 99 таси ўтга чидамли ҳамда 54 таси қора металл ишлаб чиқариш йўналишидаги корхоналар ҳисобланади.

Ҳисобот даврида 44 та қора металлургия саноати корхоналари янгидан ташкил этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: