Ўзбекистон Оролбўйида инсон хавфсизлиги муаммоларига $3 млндан ортиқ маблағни жалб қилди

Дата: 18:23, 20-12-2019.

Тошкент. 20 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Оролбўйида инсон хавфсизлиги муаммоларига $3 млндан ортиқ маблағни жалб қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, 16 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик траст фонди бошқарув қўмитасининг учинчи йиғилишида келишувга эришилди.

Таъкидланганидек, тадбирдан кўзланган мақсад Траст фонди фаолиятининг ташкилий ва амалий масалаларини муҳокама қилиш, жумладан, Оролбўйи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун аризаларни иккинчи қабул қилишни эълон қилишдан иборат эди.

"Бошқарув қўмитасининг иккинчи йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ – ЮНФПА ва ЮНИСЕФнинг "Энг заиф оналар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган перинатал ёрдам хизматларидан фойдаланиш ва сифатини ошириш"ва БМТТД ва ЮНЕСКО томонидан "Барқарор қишлоқ ривожланишига кўмаклашиш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал этиш", қўшма лойиҳасини молиялаштириш учун қиймати $3,1 млнга тенг иккита лойиҳавий буюртма қабул қилинди “– дея хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, ишонч фонди платформасида Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бошқарув қўмитаси аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланган ягона платформа сифатида маслаҳат қўмитасининг ташкил этилиши Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича ҳукумат, фуқаролик жамияти ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ўртасида амалий мулоқот олиб бориш имконини беради.

Сурат манбаи: mift.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: