Ўзбeкистон-Озарбайжон вазирликлараро маслаҳатлашувлари ўтказилди

Дата: 11:49, 22-12-2016.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – 20-21-декабрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини инвентаризация қилиш ва такомиллаштириш бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабар қилинишича, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги делегациясига Халқаро ҳуқуқ ва шартномалар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жейҳун Шаҳвердиев бошчилик қилди.

“Маслаҳатлашувлар чоғида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини инвентаризация қилинди, икки томонлама ҳужжатлар лойиҳалари бўйича фикр алмашилди ҳамда муносабатларнинг ҳуқуқий негизини ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, музокаралар давомида ташқи сиёсат идораларининг ҳуқуқ хизматлари фаолияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: