Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига икки янги қонун лойиҳаси киритилди
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Тошкентда парламент қуйи палатасининг мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Депутатлар ҳукумат томонидан қонунчилик ташаббуси тариқасида киритилган икки қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Улардан биринчиси – “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат мулкини бошқаришни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини чегаралаш ва давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ўтказиш учун уларнинг жавобгарлигини оширишни кўзда тутади.
Иккинчи лойиҳа – “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг фаолияти учун имкон қадар қулай шарт-шароитлар яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи бошқарув ҳаракатларининг тўлиқ ошкоралигини таъминлашга қаратилган, - дея қайд этди мамлакат парламентидаги манба.
Ҳар икки қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди ва тегишли қўмиталарга такомиллаштириш учун жўнатилди.