Ўзбекистон парламентида илк марта “ҳукумат соати” ўтказилди
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 1 май куни Ўзбекистонда илк марта парламентда “ҳукумат соати” ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг маълум қилишича, “ҳукумат соати” кун тартибига “Республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар”, шунингдек, “Аҳолини ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, айниқса, жойларда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ҳолатлари” тўғрисидаги масалалар киритилди.
Қайд этилишича, юқоридаги масалалар юзасидан депутатларга ахборот ва уларнинг саволларига атрофлича жавоб беришлари учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасадди раҳбарлари таклиф этилди.
Тадбир давомида ҳукумат вакиллари депутатлар томонидан қўйилган масалалар юзасидан маълумот бериб, уларнинг қўшимча равишда берган саволларига батафсил жавоб қайтардилар.
Сурат манбаи: http://protoday.uz/uz/121716