Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси қатор қонун ва кодексларга ўзрартиш ва қўшимчаларни маъқуллади

Дата: 16:13, 13-10-2016.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати (парламентнинг юқори палатаси) “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) тегишли қарорга асосланган ҳолда.   

Жумладан, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет ҳамда смета-штат интизоми соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни таснифлашда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган номувофиқликларнинг бартараф этилишини ва бир хилда талқин этилишини таъминлашга, шунингдек, Бюджет кодексидаги айрим нормаларнинг ва жиноят тўғрисидаги ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмунидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда. 

“Ушбу ўзгартишлар ҳам бюджет ва смета-штат интизомини бузганлик учун жавобгарликни янада эркинлаштиришга ва мақбуллаштиришга қаратилган. Жумладан, шу соҳада фақат кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда содир этилган қилмишлар жиноий жавобгарликка, унча кўп бўлмаган миқдорда ёки анча миқдорда содир этилган қилмишлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади”, деб таъкидлашди Сенат матбуот хизматида. 

Шунингдек, Жиноятлар таҳлилини, динамикасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳисобга олган ҳолда Жиноят кодексига фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилди. 

 Сенаторларнинг фикрича, ушбу тузатишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, жазолашда адолат принципини таъминлашга, шунингдек, ушбу соҳаларда жиноят содир этилишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга кўмаклашади. 

Бундан ташқари, “Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига, хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига, Солиқ кодексига, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. 

 Сенаторларнинг баҳоларига кўра, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ветеринария тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф этишга, қонун ҳужжатлари нормаларидаги атамалар ва тушунчаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади. 

Янги қонунга мувофиқ, бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

 Парламент юқори палатаси вакиллари таъкидлаганларидек, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам беришга, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини юксалтиришга кўмаклашади. 

 Эслатиб ўтамизки, 12 октябрда Тошкентда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 7-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: