Ўзбекистон парламентининг Юқори палатаси ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Сенати (парламентининг юқори палатаси) “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида қабул қилинган”, - деб таъкидлашди Сенат матбуот хизматида.
Хужжатда ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг юритиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.
Қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати, даражаси ва самарадорлигини оширишга, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир кафолатларни мустаҳкамлаб қўйган яхлит ҳужжатдир.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ижтимоий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган, ижтимоий хизматларга муҳтож аҳоли тоифалари аниқлаб берилган, уларни аниқлаш мезонлари ва тартиби белгиланган.
Қонунда, айниқса, таълим, ишга жойлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ҳамда турлари муҳим ўрин эгаллайди, ушбу соҳадаги идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик масалалари тартибга солинмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши ижтимоий ҳимоя қилиш тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлайди, нафақат аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга солишга, балки фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга, мамлакатда амалга оширилаётган кўламдор кучли ижтимоий сиёсат давом эттирилишини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.