Ўзбекистон пенсияларни ҳисоблаш учун ягона электрон маълумотлар базасини яратади
Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пенсияларни ҳисоблаш учун ягона электрон маълумотлар базаси яратилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, вазирлик фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақини якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни (рўйхат рақами 3158, 2019 йил 6 май) рўйхатдан ўтказди.
"Мазкур қарорга кўра, реестрни юритишдан мақсад фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақини якка тартибда ҳисобга олиш бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот базасини яратиш ҳисобланади", - дейилади хабарда.
Белгиланганидек, иш ҳақини ҳисобга олиш реестри фуқароларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлари асосида давлат солиқ қўмитасининг марказлашган маълумотлар базасида шакллантирилади.
Пенсияларни ўз вақтида тайинлаш ва тўлаш учун Пенсия жамғармаси марказлашган маълумотлар базасида жойлашган ахборотлардан фойдаланиш мақсадида солиқ органларига электрон сўров жўнатади.
"Солиқ органлари сўров келиб тушган куннинг ўзидаёқ Пенсия жамғармасига тегишли маълумотларни тақдим этишлари шарт", - деб келтирилади хабарда.
Фуқаролар иш берувчидан иш ҳақининг ойма-ой бўлинган ҳолати ҳақидаги маълумотномани бепул олиш ҳуқуқига эга.
Сурат манбаи: kp.kz