Ўзбекистон POSCO-Daewoo ширкати билан High Tech City қурилиши ҳақидаги келишувни расмийлаштирди

Дата: 15:39, 06-02-2018.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон POSCO-Daewoo ширкати билан High Tech City қурилиши ҳақидаги келишувни расмийлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РИА Новостига таянган ҳолда.

“Жанубий Кореянинг POSCO Daewoo корпорацияси, Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Тошкент ҳокимияти пойтахтда High Tech City “ақлли” маъмурий-турар жой мажмуини қуриш бўйича қўшимча битимни имзоладилар”, - деб хабар беришди РИА Новостига Ўзбекистон пойтахти маъмурияти матбуот хизматида.

“Томонлар лойиҳани амалга оширишнинг биринчи босқичига киришмоқдалар. Унда лойиҳанинг барча босқичларини тезкор ва сифатли мувофиқлаштириш, қурилиш учун майдонча танлаш, концептуал режа ва дастлабки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ишчи гуруҳини шакллантириш ишлари амалга оширилади”, - деб аниқлаштиришди Тошкент ҳокимиятида.

Режага кўра, 50 гектарга яқин ҳудудда бизнес марказлар, турар жойлар, илмий-тадқиқот марказлари, таълим, тижорат ва саноат муассасалари ва бошқа объектлар жойлаштирилади. Барча объектлар “ақлли” технологиялар, шу жумладан энергия тежаш тизимлари, биноларни автоматлаштириш кабиларни қўллаган ҳолда бунёд этилади, деб таъкидлашди матбуот хизматида.

“Айни пайтда инфратузилмалар, экологик масалалар, аҳоли ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда янги туманни жойлаштириш бўйича тўртта вариант кўриб чиқилмоқда”, - деб қўшимча қилишди маъмуриятда.

Эслатиб ўтамизки, POSCO-Daewoo ва Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси қиймати $1,4 млрд. бўлган мажмуани қуришга доир келишувни президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида 2017 йил ноябрда имзолаган эдилар.

Сурат манбаи: https://www.designboom.com/architecture/riverstone-by-daniel-libeskind/

Янгилик билан ўртоқлашиш: