Ўзбекистон пойтахти аҳолиси сув ва иситиш тизими бўйича 114 млрд сўм қарздор

Дата: 17:51, 07-04-2017.

Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахти аҳолисининг 2017 йилнинг 1 апрел ҳолатига сув ва иситиш тизими олдидаги қарздорлиги 114 млрд сўмни ташкил қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Газета.uz” нашри маълумотига кўра, бу ҳақда пойтахт ҳокимиятидаги брифингда “Тошиссиққуввати” ва “Сувсоз” корхоналари вакиллари маълум қилишган.

“Тошиссиққуввати” бош директори Баҳром Қурбонбековнинг сўзларига кўра, Тошкент аҳолисининг иссиқ сув ва иситиш хизмати бўйича қарздорлиги 96 млрд сўмни ташкил этади. Айни пайтда бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8%га пасайган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг “Сувсоз” олдидаги қарздорлиги эса 18 млрд сўмни ташкил этади, деди ушбу корхона раҳбари Ҳусниддин Маҳкамов. Ҳар ойда аҳолига етказиб берилаётган совуқ сув ҳажми 6 млрд сўми, саноат объектларига жўнатилаётган сув миқдори 7 млрд сўмни ташкил қилади.

Ташкилотлар раҳбарлари коммунал хизматлар ҳақларининг ўз вақтида тўланмаслиги сув қувурларини таъмирлаш билан боғлиқ ишларнинг режа асосида бажарилмаслига олиб келаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Ҳусниддин Маҳкамов келтирган маълумотларга кўра, Ўзбекистон пойтахтида ичимлик суви истеъмолга етказилишдан аввал тозалашнинг 22 босқичидан ўтказилади.

$1= 3623,07 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: