Ўзбекистон пойтахтида аҳолининг ўртача ялпи даромадлари мамлакатдагидан кўра юқори

Дата: 16:59, 17-04-2018.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – 2018 йил январ-марти якунлари бўйича Тошкентда аҳолининг ўртача ялпи даромадлари бир кишига ҳисобланганда 3 млн 310,7 минг сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда.

Хусусан, қўмита маълумотларига кўра, пойтахтдан ташқари, аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Навоий (2111,4 минг сўм), Бухоро (1414,3 минг сўм) ва Тошкент (1403,6 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлари қайд этилганлиги кузатилди.

“Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиш суръати Хоразм вилоятига (15,1%) тўғри келади. Шунингдек, Самарқанд (14,4%), Сурхондарё (13,7%), Андижон (12,6%), Наманган (10,4%) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (9,8%) аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиш

суръатлари республика даражасидан юқорини ташкил этган”, - дейилади хабарда.

Аҳолининг умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 59,6% улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 32,2%ни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.

$1=8077,26 сўм

Сурат манбаи: http://mrmarker.ru/p/page.php?id=2493

Янгилик билан ўртоқлашиш: